Гарни — қадимий қалъа ва турар жой қолдиғи. Еревандан 27 км шарқда жойлашади арман подшоларининг ёзги қароргоҳи (мил. ав. 2-а.— мил. 17-а.). Қалъа деворида 7 тўғри бурчакли минора бор. Девор ва минора чегалар билан ўзаро мустаҳкамланган йирик базалт тошлардан тикланган. Археологик қазишлар натижасида Гарнининг энеолит ва жез давридан тортиб, то ўрта асрларгача бўлган бир неча маданий қатлами аниқланган. Сатҳига рангбаранг тош терилган катта ҳаммом ҳаробаси (3-а.) ва бир неча ибодатхона бор. Ибодат-хоналарнинг энг каттаси (4,82х16,02) мажусий қабилаларга мансуб бўлиб, Кичик Осиё я.о. даги ибодатхоналарига ўхшашдир. Гарни қабрларидан жез ва темирдан қилинган меҳнат қуроллари, ҳарбий аслаҳалар, зебзийнат буюмлари топилган.